Янгиликлар







Республикамиз халқига МУРОЖААТ

Республикамиз халқига МУРОЖААТ

Қадрли ватандошлар!

Ҳеч кимга сир эмас, бугунги кунда жаҳон халқларини, жумладан, юртдошларимизни катта хавотирга солаётган долзарб муаммо –  коронавирус пандемиясидир.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 18 март куни бўлиб ўтган маҳалла ва оила масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида бу юқумли инфекциянинг кенг тарқалишининг олдини олиш, халқимизнинг хушёрлиги ва масъулиятини кучайтириш масаласига алоҳида тўхталиб, бугунги кунда кечиктириб бўлмайдиган вазифаларга эътиборимизни қаратди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоиз, Муҳтарам Президентимиз томонидан шу йилнинг 19 март куни “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг қабул қилиниши кенг кўламли амалий ишларга мустаҳкам асос бўлмоқда.

Мазкур Фармон асосида Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилди ва унга 10 триллион сўм миқдорида маблағ ажратилди, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири раҳбарлигида Инқирозга қарши курашиш республика комиссиясининг фаолияти йўлга қўйилди, ишлаб чиқарувчи корхоналарга, тадбиркорларга катта имтиёзлар ва имкониятлар тақдим этилди.

Фармоннинг ҳар бир банди турли соҳа вакиллари, жумладан, шифокорлар, педагоглар, тадбиркор ва фермерлар, ишлаб чиқариш субъектлари, туризм соҳаси вакиллари ва бошқа тармоқларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган кафолатларни ўз ичига олганлиги билан аҳамиятлидир. 29 банддан иборат бу ҳужжатда макроиқтисодий барқарорликни, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш, аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш, мамлакат аҳолиси даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш борасида аниқ, мақсадли ва тизимли  чора-тадбирлар белгиланган.

Жумладан, аҳолининг бандлигини таъминлаш, коронавирус инфекцияси билан зарарланган ёки карантинга жойлаштирилган, шунингдек, 14 ёшгача боласи бўлган ота-оналар учун имтиёзлар бериш, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олувчилар сонини янада ошириш, зарур бўлган дори-дармонлар ва тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларида иштирок этаётган ходимларни рағбатлантириш, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси капиталлашувини 500 миллиард сўмгача ошириш, аҳолига вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик тўғрисидаги ҳужжатларни тақдим этишнинг соддалаштирилган тизимини ташкил этиш, ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўллашни, шунингдек, айрим солиқ турлари бўйича пенялар ҳисобланишини тўхтатиб туриш ва бошқа бир қатор муҳим вазифалар белгиланган.

Энг асосийси, ҳеч бир давлат тажрибасида учрамаган бу тарихий ҳужжатнинг қабул қилиниши иқтисодиётимиз барқарорлигини сақлаб қолишда муҳим ўрин эгаллайди ҳамда юртимизнинг ҳеч бир фуқароси ўз ҳолига ташлаб қўйилмаслигини, давлатимизнинг инсонпарварлик сиёсати амалда эканини яна бир карра исботлайди.

Албатта, буларнинг барчаси юртимизда энг бебаҳо бойлик бўлган инсон саломатлигини ҳимоя қилиш, коронавирус инфекциясидан қисқа вақт ичида қутилиш, аҳолининг ҳаёт фаровонлигини барқарор ушлаб туриш сингари эзгу мақсадларни ўзида мужассам этган.

Бугунги кунда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича Қорақалпоғистон Республикасида ҳам бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Инфекция тарқалишининг олдини олиш бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирлар дастурининг сўзсиз бажарилишини таъминлаш мақсадида тузилган махсус комиссия ҳамда ташкил этилган штаб томонидан бугунги кундаги ҳолат мунтазам назорат қилиб борилмоқда.

Соғлиқни сақлаш муассасалари, жумладан, санитария-эпидемиологик осойишталик марказларининг иморатлари ва  моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, бозорларда асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва дорихоналардаги санитария-гигиеник воситаларининг нархлари ошиб кетишининг олдини олиш борасида аниқ чоралар кўрилмоқда.

Махсус 34 отряд томонидан ҳар куни 2 мингдан ортиқ йўловчи ташувчи транспортлар дезинфекция қилинмоқда. Бундан ташқари, бугунги кунда аҳоли кўп йиғиладиган мингдан зиёд жойлар дезинфекция қилиб борилмоқда.

Инфекциянинг олдини олиш мақсадида 500 ўринли карантин объектлари ташкил этилиб, карантинда сақланувчилар учун қулай шароитлар яратиш мақсадида маҳаллий бюджетдан тегишли маблағлар ажратилди ва зарур инвентарлар билан тўлиқ таъминланди.

Бу ўз навбатида коронавирус пандемияси кенг тарқалишининг олдини олишга ва унга қарши курашишга барча имкониятларимиз мавжуд эканидан далолатдир.

Азиз дўстлар!

Муҳтарам Президентимиз халқимизга йўллаган Мурожаатида “Бу ҳаётнинг кўп оғир синовларини ва яхши-ёмон кунларини бошидан кечирган халқимиз ҳаммасини тўғри тушуниб, масалага онгли ёндашмоқда. Муфтият раҳбарлигида диний уламолар юртимизга тинчлик-хотиржамлик, беморларга шифо тилаб, дуои фотиҳалар қилишмоқда. Миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳаммамиз якдилмиз ва, ишонамизки, бу қийинчиликлар, албатта, ўтиб кетади” дея таъкидлади.

Дарҳақиқат, коронавирус тарқалишининг олдини олиш ва аҳолига қулай шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар инсонларнинг хавотирланишига, ваҳимага тушишига ҳеч қандай асос йўқлигини англатади.

Шу боис, бутун дунё бўйлаб кенг қулоч ёйган бу юқумли инфекцияга қарши курашишда шифокор ва тегишли мутахассисларнинг тавсияларига амал қилган ҳолда шахсий гигиена ва санитария қоидаларига риоя қилиб, бирдамлик билан чоралар кўришга чақирамиз!

Дунё жамоатчилигини хавотирга солаётган коронавирус пандемиясига қарши курашиш бўйича юртимизда амалга оширилаётган эзгу ишларга муносиб ҳиссамизни қўшайлик!

Кўпни кўрган халқимиз янада жипслашиб, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб, бу синовни ҳам енгиб ўтишига қатъий ишонамиз!

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши.